Asosiy menu

Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ
ФУҚАРОЛАРНИНГ МУРОЖААТЛАРИ ТЎҒРИСИДА
(Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг Ахборотномаси, 1994 й., 5-сон, 140-модда)
LexUZ шарҳи
Ушбу Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2002 йил 13 декабрдаги 446-II-сонли «Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан янги таҳрирда тасдиқланган.
Ушбу Қонун фуқароларнинг давлат органларига, жамоат бирлашмаларига, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга мурожаат қилиш ҳуқуқини ифода этувчи асосий қоидаларни, шунингдек фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиби ва муддатларини белгилайди.
1-модда. Фуқароларнинг мурожаатлари
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ва жамоат ишларини бошқаришда иштирок эта бориб, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида ўзларига берилган ҳуқуқлар ва эркинликларни рўёбга чиқара бориб:
ўзларининг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоялаб мурожаат қилишга;
давлат ва жамоат бирлашмаларининг ваколатли органлари бузилган ҳуқуқларини тиклашига ҳақлидирлар.
Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари бошқа шахслар ва ташкилотларнинг фойдасини кўзлаб мурожаат қилишлари мумкин.
Мурожаатлар якка тартибда ёки жамоа бўлиб ифодаланган бўлиши мумкин ҳамда оғзаки ёки ёзма шаклдаги таклиф, ариза ёхуд шикоят кўринишида киритилади.
Башарти республика қонун ҳужжатларида фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқишнинг бошқа тартиби назарда тутилган бўлса, мурожаатлар ушбу Қонунга мувофиқ қараб чиқилмаслиги лозим.
Фуқаролиги бўлмаган шахслар ушбу Қонунга мувофиқ мурожаат қилиш ҳуқуқига эгадирлар.
Хорижий давлатлар фуқароларининг мурожаатлари, башарти Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва битимларида уларни қараб чиқишнинг ўзга қоидалари назарда тутилмаган бўлса, ушбу Қонунда белгиланган тартибда қараб чиқилади.
2-модда. Мурожаатларга қўйиладиган талаблар
Мурожаатларда фуқароларнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган, таклиф, ариза ёки шикоятнинг моҳияти баён этилган бўлиши лозим. Ушбу маълумотлар кўрсатилмаган мурожаатлар аноним хат ҳисобланади ва кўриб чиқилмайди.
Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирадиган давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса, ташкилот ёки мансабдор шахсга, шунингдек барча даражадаги депутатларга йўлланади.
Мурожаатлар уларда қўйилган масалаларни ҳал этиш ваколатига кирмайдиган давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса ёки ташкилотга юборилган бўлса, 5 кун муддатдан кечиктирмай тегишли органлар ёки мансабдор шахсларга жўнатилади ва бу ҳақда фуқарога маълум қилинади.
Белгиланган тартибда берилган мурожаатлар кўриб чиқилиши шарт. Мурожаатларни қабул қилишни рад этиш тақиқланади.
Башарти мурожаатларда уларни тегишли органлар ёки мансабдор шахсларга жўнатиш учун зарур маълумотлар акс эттирилмаган бўлса, улар худди шу муддатда тегишли тушунтиришлар билан фуқарога қайтариб юборилади.
3-модда. Фуқароларни мурожаат қилганлиги учун таъқиб остига олишнинг ва мурожаатни ҳимоялаш хатти-ҳаракатларида иштирок этишга мажбур қилишнинг тақиқланиши
Фуқароларни ва уларнинг оила аъзоларини улар мурожаат қилиш воситасида ўз ҳуқуқларини рўёбга чиқараётганликлари ёки ҳимоя қилаётганликлари учун таъқиб остига олиш ман этилади.
Ҳеч ким бирон-бир мурожаатни ҳимоялаш хатти-ҳаракатларида иштирок этишга мажбур қилинмаслиги лозим.
4-модда. Мурожаатларнинг кўриб чиқилиш муносабати билан аён бўлиб қолган маълумотларни ошкор этишнинг тақиқланиши
Мурожаатларнинг кўриб чиқилиши вақтида давлат органларининг, жамоат бирлашмаларининг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ходимлари томонидан фуқароларнинг ўз розилигисиз уларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларнинг ёки давлат сири ёхуд қонун муҳофазасидаги бошқа сир ҳисобланган маълумотларнинг, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига путур етказадиган ўзга ахборотларнинг ошкор этилишига йўл қўйилмайди. Шунингдек мурожаатга дахлдор бўлмаган, фуқаронинг шахси тўғрисидаги маълумотларни суриштириб билишга ҳам йўл қўйилмайди. Фуқаронинг илтимосига биноан унинг шахсига доир ҳар қандай маълумот ошкор этилмаслиги керак.
5-модда. Оммавий ахборот воситаларига йўлланган мурожаатлар
Фуқароларнинг оммавий ахборот воситаларига йўллаган мурожаатларидан жамоат фикрини ўрганиш ва матбуотда акс эттириш учун фойдаланилади.
Ҳал этилиши оммавий ахборот воситаларининг ваколатига тааллуқли масалаларга доир фуқароларнинг мурожаатлари ушбу Қонунга мувофиқ кўриб чиқилиши лозим.
6-модда. Таклифни кўриб чиқиш
Таклифлар фуқароларнинг давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг фаолиятини яхшилашга қаратилган мурожаатларидир.
Давлат органи, жамоат бирлашмаси, корхона, муассаса, ташкилот таклифни ҳар томонлама кўриб чиқиши ва фуқаронинг илтимосига биноан кўриб чиқиш натижалари тўғрисида унга маълум қилиши шарт.
7-модда. Аризани кўриб чиқиш
Аризалар фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқариш тўғрисида илтимос баён этилган мурожаатлардир.
Аризаларни кўриб чиқиш ўз ваколатига кирадиган давлат органлари, жамоат бирлашмалари, уларнинг мансабдор шахслари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахслари:
аризаларни ҳар томонлама, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқишлари;
қонунга асосланган қарорлар қабул қилишлари ва уларнинг ижросини таъминлашлари;
аризаларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида фуқароларга маълум қилишлари шарт.
Аризада баён этилган талабларни қондиришнинг рад этилиши фуқарога рад этишнинг сабаблари кўрсатилган ҳолда ёзма тарзда маълум қилинади.
Аризаси бўйича қабул қилинган қарор устидан фуқаролар томонидан ушбу Қонуннинг 8-моддасида назарда тутилган тартибда шикоят қилиниши мумкин.
8-модда. Шикоятни кўриб чиқиш
Шикоятлар давлат органларининг, жамоат бирлашмаларининг, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари ёхуд қарорлари туфайли фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тиклаш талаб қилинган мурожаатлардир.
Давлат органининг, жамоат бирлашмасининг, корхона, муассаса, ташкилотнинг, мансабдор шахснинг хатти-ҳаракати ёки қарори устидан шикоят бўйсунув тартибига қараб, юқори турувчи орган ёки мансабдор шахсга ёхуд судга берилади.
Юқори турувчи давлат органига, жамоат бирлашмасининг органига ёки мансабдор шахсга давлат органи ёки жамоат бирлашмасининг органи томонидан хатти-ҳаракат содир этилганлиги ёки қарор қабул қилинганлиги фуқарога маълум бўлиб қолган вақтдан эътиборан бир йилдан кечиктирмай шикоят билан мурожаат қилиниши мумкин. Узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддат шикоятни кўриб чиқаётган орган томонидан тикланади.
Юқори турувчи давлат органининг, жамоат бирлашмасининг, мансабдор шахснинг қарори устидан қонун ҳужжатларида белгиланган муддатда судга шикоят қилиниши мумкин.
Фуқаро шикоятни шахсан беришга ёки бу ишга бошқа шахсни вакил қилишга ҳақлидир.
Фуқаронинг манфаатларини кўзлаб бошқа шахс ҳам шикоят бериши мумкин. Вояга етмаганлар ва муомалага лаёқатсиз шахслар манфаатларини кўзлаб уларнинг қонуний вакиллари шикоят билан мурожаат қиладилар.
Шикоятга фуқароларнинг мурожаати бўйича аввал қабул қилинган қарор ёки унинг кўчирмаси, шунингдек шикоятни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилинади.
Фуқароларнинг шикоятларини хатти-ҳаракатлари ва қарорлари устидан шикоят қилинаётган органлар ёки мансабдор шахсларнинг ўзига жўнатиш тақиқланади.
9-модда. Фуқаронинг шикоят кўриб чиқилиши вақтидаги ҳуқуқлари
Давлат органи, жамоат бирлашмаси, корхона, муассаса, ташкилотга шикоят билан мурожаат қилган фуқаро:
шикоятни текшираётган шахсга ўз далил-исботларини шахсан баён қилиш;
текширишга доир материаллар билан ушбу Қонун 4-моддасининг талабларига риоя қилган ҳолда танишиш;
қўшимча материаллар тақдим этиш ёки шикоятни кўриб чиқаётган органнинг уларни сўраб олишини илтимос қилиш;
адвокат ёки бошқа шахснинг хизматларидан фойдаланиш;
шикоятни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида ёзма жавоб олиш;
етказилган зарар қонунда белгиланган тартибда қопланишини талаб қилиш ҳуқуқига эгадир.
10-модда. Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг шикоятларни кўриб чиқиш борасидаги вазифалари
Давлат органлари, жамоат бирлашмалари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, уларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари ўз ваколатлари доирасида:
шикоятларни холисона, ҳар томонлама ва ўз вақтида текширишлари;
шикоятга сабаб бўлган ноқонуний қарорни бекор қилишлари ёки ўзгартиришлари, ғайриқонуний хатти-ҳаракатларнинг олдини олиш юзасидан шошилинч чора-тадбирлар кўришлари, қоидабузарликларга олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни аниқлашлари;
фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини, шикоят муносабати билан қабул қилинган қарор амалда ижро этилишини таъминлашлари;
фуқарога шикоятни текшириш натижалари ва қабул қилинган қарорнинг моҳияти тўғрисида ёзма тарзда маълум қилишлари шарт.
Давлат органлари, корхоналар, муассасалар ёки ташкилотларда раҳбар ёки унинг ўринбосари, жамоат бирлашмаларида эса сайлаб қўйиладиган органлар ёки улар ваколат берган шахслар шикоят бўйича қарор қабул қилишга ҳақлидирлар.
11-модда. Таклифлар, аризалар ва шикоятларни кўриб чиқиш муддати
Фуқароларнинг таклифлари таклиф тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида кўриб чиқилади, қўшимча ўрганишни талаб этадиган таклифлар бундан мустасно бўлиб, бу ҳақда таклиф киритган шахсга маълум қилинади.
Аризалар ва шикоятлар давлат органига, жамоаат бирлашмасига, корхона, муассаса ва ташкилотга тушган кундан эътиборан бир ой муддат ичида ҳал этилади, улар масалани моҳиятан ҳал этишлари, қўшимча ўрганишлар ва текширишни талаб қилмайдиган масалаларни эса 15 кундан кечиктирмай ҳал этишлари шарт.
Ариза ёки шикоят ҳал этиш учун махсус текширувлар ўтказиш, қўшимча материалларни сўраб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлса, тегишли орган, корхона, муассаса, ташкилот раҳбари ёки раҳбарининг ўринбосари ариза ёки шикоятни ҳал этиш муддатини, истисно тариқасида, узайтириши мумкин, бироқ бу муҳлат бир ойдан ошмаслиги лозим бўлиб, бу ҳақда ариза ёки шикоят берган шахсга маълум қилинади. Бунда мурожаатни кўриб чиқиш умумий муддати икки ойдан ошмаслиги керак.
12-модда. Фуқароларни шахсан қабул қилиш
Барча даражадаги депутатлар, давлат органларининг, жамоат бирлашмаларининг, мулкчилик шаклидан қайъи назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда бошқа мансабдор шахсларни фуқароларни шахсан қабул қилишлари шарт.
Қабул мунтазам, белгиланган кун ва соатларда, фуқаролар учун қулай вақтда ўтказилади.
Фуқароларнинг оғзаки мурожаатлари ва уларни кўриб чиқиш натижалари рўйхатга олиниши лозим.
Фуқароларни давлат органларида, жамоат бирлашмаларида, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда қабул қилиш тартиби уларнинг раҳбарлари томонидан белгиланади.
13-модда. Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик
Мурожаатни кўриб чиқишни ғайриҳуқуқий тарзда рад этганлик, мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузганлик, асоссиз, қонунга зид қарорлар қабул қилганлик ёхуд фуқароларнинг шахсий ҳаётига доир маълумотларни ошкор этганлик, шунингдек фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бошқача тарзда бузганлик, башарти бундай хатти-ҳаракатлар маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлмаса, мансабдор шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда интизомий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
Фуқароларни у давлат органига, жамоат бирлашмасига, корхона, муассаса, ташкилотга мурожаат қилганлиги сабабли ёхуд мурожаатдаги танқид учун таъқиб остига олганлик, шунингдек фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини давлат ёки жамоат манфаатларига ёхуд фуқароларнинг қонун билан муҳофаза қилинадиган ҳуқуқларига жиддий зарар етказиш тарзида бузганлик айбдор шахсларни қонун ҳужжатларига мувофиқ жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.
14-модда. Фуқаронинг шикоятини кўриб чиқиш вақтида қонун талабларини бузилиши оқибатида унга етказилган зарарни қоплаш
Шикоят қондирилган тақдирда фуқаронинг мурожаат бўйича ғайриҳуқуқий қарор қабул қилган давлат органи, жамоат бирлашмаси, корхона, муассаса, ташкилот ёки мансабдор шахс унга шикоят билан мурожаат қилиш ва унинг кўриб чиқилиши туфайли кўрган моддий зарарини, тегишли органнинг талабига биноан шикоят кўриб чиқилиши муносабати билан бир жойдан бошқа жойга бориш мақсадида қилган сарф-харажатларини ва шу вақт ичида бой берган иш ҳақини тўлайди. Харажатларни ундиришга доир низолар суд тартибида кўриб чиқилади.
15-модда. Fайриҳуқуқий тусдаги мурожаат берганлик учун жавобгарлик
Фуқаронинг туҳмат ва ҳақорат руҳидаги ёхуд миллий адоват қўзғатишга ва жиноий тарзда жазоланадиган бошқа хатти-ҳаракатлар содир этишга даъват қилувчи мурожаатни берганлиги қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
16-модда. Атайин сохта маълумотлар баён қилинган мурожаатларни текшириш учун кетган харажатларни қоплаш
Давлат органи, жамоат бирлашмаси, корхона, муассаса, ташкилот фуқаронинг атайин сохта маълумотлар баён этилган мурожаатларини текшириш туфайли қилган харажатлари суднинг қарорига биноан ундириб олиниши мумкин.
17-модда. Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг талабларига риоя этилишини назорат қилиш
Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларини талабларига риоя этилиши усидан назоратни давлат ҳокимияти органлари, шунингдек ўзларига бўйсунувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда — вазирликлар, давлат қўмиталари ва идоралар таъминлайдилар.
18-модда. Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан прокурорлик назорати
Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни Ўзбекистон Республикасининг Бош прокурори ҳамда унга бўйсунувчи прокурорлар амалга оширадилар. Улар ўзларига берилган ваколатларга мувофиқ фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклашга, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга, ҳуқуқбузарларни жавобгарликка тортишга қаратилган чора-тадбирларни кўрадилар.
Ўзбекистон Республикасининг Президенти И. КАРИМОВ
Тошкент ш.,
1994 йил 6 май,
1064-XII-сон